Ўзбек божхонаси қиймати 12 млн сўмлик 79 дона тилла тақинчоқларни олиб қўйди
Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” божхона мажмуида Ўзбекистон фуқароси К.К.дан қиймати 12 млн сўмлик 79 дона тилла тақинчоқларни олиб қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу аёлни божхона текшируви доирасида унинг қўл юклари ичидаги тўқиш учун мўлжалланган ип калавалардан бирининг орасига $3000 миқдоридаги нақд хорижий валюта яширилганлиги аниқланди.
Шунингдек, ДБҚ маълумотига кўра, ушбу аёл божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилмасдан туриб, автотранспорт воситалари учун мўлжалланган 3 дона антирадар, 2 дона уяли алоқа воситаси ва 1 дона DVD плейерини ҳам ноқонуний равишда олиб киришга урингани аниқланди. Юқоридаги шахсдан олиб қўйилган товар-моддий бойликларнинг қиймати тахминан 25 млн сўмдан ортиқни ташкил қилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.
Божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясида божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган нақд хорижий валюталар ҳамда ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар ҳақида маълумотлар кўрсатилиши шарт.