Ўзбек чегарачилари бир неча йирик контрабанда партияларини тўхтатиб қолдилар

Дата: 09:53, 28-08-2017.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Августда Ўзбекистон чегара қўшинларининг бўлинмалари товар-моддий бойликларнинг бир неча йирик партияларини контрабанда усулида олиб кириш билан боғлиқ уринишнинг олдини олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Чегара хизмати маълумотига кўра, ҳалигача энг кўп фаоллик Қирғизистон билан чегарада қайд этилмоқда.

“Хусусан, Фарғона тумани Қораянтоқ чегара қишлоғида Қирғизистондан юк билан келаётган уч чегарабузар аниқланди. Қўлга олиш чоғида улар юкни ташлаб қўшни ҳудудга яшириндилар. Юклар кўздан кечирилганда хожирда ишлаб чиқарилган 29,9 млн сўмлик 5 минг қути сигаретаси топилди”, - дейилади Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараси қўмитаси хабарида.

Бундан ташқари, Кураш чегара поселкасида Ўзбекистонга 32 млн сўмлик 16 телевизорнинг олиб кирилишига чек қўйилди. Тўрт контрабандачи юкларини ташлаб Қирғизистонга яширинишди.

Чегарачилар Наманган вилояти Учқўрғон тумани Янгиобод поселкасида Қирғизистондан 44 млн сўмлик мобиль телефонлар учун 1094 мониторни ноқонуний олиб киришга уринган А.Қодиров, А.Болтабоев ва Ф.Умаровларни қўлга олишди.

Фарғона туманининг Қувасой ва Япаги поселкасида чегарачилар Қирғизистондан ноқонуний равишда йўлланган 15800 электр лампа ва 1150 дона атир-упа маҳсулотларини тўхтатиб қолдилар. Молларнинг қиймати 60 млн сўмдан зиёд.

Олиб қўйилган барча товар-моддий бойликлар давлат фойдасига мусодара қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: