Ўзбек дастурчилари томонидан “Эко-мониторинг” дастури яратилди

Дата: 15:07, 17-02-2016.

Тошкент. 17 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Математика институти дастурчилари томонидан "Эко-мониторинг" дастури ишлаб чиқилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Интеллектуал мулк агентлигидан хабар қилишларича, мазкур дастур Ўзбекистоннинг саноат регионларида ишлаб чиқариш объектларидан атмосферага чиқариб ташланаётган заҳарли заррачаларни тарқалиш жараёнининг экологик ҳолатини мониторинг қилиш ва башоратлаш учун мўлжалланган.

Дастур янги қурилаётган саноат объектларини жойлаштиришнинг экологик мақбул вариантларини танлашга имкон беради.

Шунингдек, у график бошқарув интерфейсига эга, асосий параметрлар ҳамда об-ҳаво ва иқлимий омилларни киритиш учун ойна, ЭҲМда сонли ҳисоб-китоб ўтказиш учун ойна, ўтказилган ҳисоблаш экспериментларини график объектлар кўринишида визуаллаштириш учун ойна каби функционал имкониятларга эга.

Дастурий мажмуадан атмосферанинг экологик ҳолати ва атроф-муҳит муҳофазасини мониторинг қилиш ҳамда башоратлаш муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотларнинг тадқиқотчи ва мутахассислари фойдаланишлари мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: