Ўзбек делегацияси Бишкекдаги Халқаро форумда қатнашади
Тошкент. 23 август. ЎзТАГ – Ўзбек делегацияси Бишкекдаги Халқаро форумда иштирок этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Борий Алиханов бошчилигидаги делегация 2017-йилнинг 25-август куни Бишкек шаҳрида Қор барси ва унинг экотизимини сақлаб қолиш бўйича халқаро форум ишида иштирок этади”, - дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамизки, 2013 йилда Бишкекда қор барсини сақлаб қолиш, бу муаммога жамоатчилик эътиборини қаратиш ва мазкур ноёб ҳайвон ва у яшовчи экотизимни асраб қолиш учун амалий чоралар кўришга чақириш мақсадларида 1-Глобал форум ўтказилган эди.
Ҳозирда қор барси йўқолиб кетиш хавфи остида. Улардан қанча қолгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Экспертларнинг баҳоларига кўра, ёввойи табиат қўйнида бу жониворлардан 3900дан 6500тасигача яшаётган бўлиши мумкин.