Ўзбек делегацияси Сеулдаги кўргазмада иштирок этди

Дата: 17:27, 07-10-2015.

Тошкент. 7 октябр. ЎзТАГ – 2015 йил 4-6-октябр кунлари Ўзбекистон Республикаси делегацияси Сеул шаҳрида “Савдо-инвестицион ва туристик роуд-шоу” кўргазмасида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Унда Корея Республикаси ва Марказий Осиё мамлакатлари ишбилармон доираларининг 200дан ортиқ вакиллари йиғилдилар.

Ўзбекистон ТИВ маълум қилишларича, кўргазма “Корея Республикаси – Марказий Осиё” 9-форуми доирасида ташкил қилинди.

Ўзбек делегацияси таркибига ташқи ишлар, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмиталари вакиллари кирдилар.

Иштирокчи давлатлар делегациялари соғлиқни сақлаш, геокенглик маълумотлари, божхона маъмурияти, маданий алоқалар соҳаларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳамда Форум шаклида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қўшма режаларни муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон делегацияси Сеул шаҳрига ташриф доирасида Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Чо Тхе Ён билан музокаралар ўтказди.

Шунингдек, музокараларда иккитомонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, олий даражадаги Ўзбекистон-Жанубий Корея учрашувлари давомида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: