Ўзбек делегацияси Теҳронда Муҳаммад Шариатмадорий билан учрашди

Дата: 13:05, 18-10-2017.

Тошкент. 18 октябр. ЎзТАГ – 17 октябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Теҳронда Эрон Ислом Республикасининг Саноат, конлар ва савдо вазири Муҳаммад Шариатмадорий билан учрашди, деб хабар беради ташқи сиёсий муассаса матбуот хизмати.

“Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев ва делегациянинг бошқа аъзолари иштирок этган суҳбатда иккитомонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва диверсификация қилиш ҳамда инвестицион ҳамкорликни янада юқори даражага кўтариш Ўзбекистон-Эрон муносабатларининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди ва Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон халқаро транспорт коридори бўйича 2011 йил апрел ойида имзоланган битим доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга томонлар тайёр эканлиги тасдиқланди.

“Шунингдек, Теҳронда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия бўлажак мажлисининг кун тартибига оид масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди”, - дейилади яна хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: