Ўзбек депутатлари қатор муҳим қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

Дата: 13:23, 26-09-2017.

Тошкент. 26 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қатор муҳим қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси фуқароларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишга бўлган, Конституция билан кафолатланган ҳуқуқининг рўёбга чиқарилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга чақиради. Хужжатда жамоатчилик назоратининг шакллари, уларни амалга ошириш механизмлари, жамоатчилик назорати субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари очиб берилган.

Мажлисда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳаси, депутатлар таъкидлаб ўтганидек, бозор иқтисодиётининг асосий шартларидан бири бўлган хусусий мулк кафолатларини таъминлашда ва ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ жиноят қуроли, кимга тегишлигидан қатъий назар, мусодара қилиниши керак бўлган ва тегишли муассасаларга топширилган ёки йўқ қилиб юборилган.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, ушбу талабга ўзгартиш киритилиб, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлган жиноят қуроллари мусодара қилиниши кераклиги ва тегишли муассасаларга топширилиши ёки йўқ қилиб юборилиши назарда тутилмоқда. Жиноят қуроллари гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган тақдирда, улар мулкдорларига қайтариб берилади.

Сўнгра депутатлар алиментлар тўловини таъминлашга доир амалдаги қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган камчиликларни ва самарасиз механизмларни  баратараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Кейинги пайтларда, мажлисда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига фуқароларнинг алиментлар ўз вақтида тўланмаслиги масалаларига доир мурожаатлари ва ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид таклифлар сони ошган. Бундан ташқари, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун чет элга чиқишга доир чекловни олиб ташлаш учун алиментларни олдиндан тўлаш ёки алиментларни тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш имконини берувчи норма билан тўлдирилмоқда. Шундай қилиб, алиментлар тўлаши шарт бўлган шахсларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқларини амалга ошириш учун, алиментлар олиш ҳуқуқига эга бўлган болаларнинг манфаатларини бузмаган ҳолда, шарт-шароитлар яратилмоқда.

Мажлисда кўриб чиқилган бошқа қонун лойиҳаси оилавий ажралишларнинг олдини олишга қаратилган. Ҳозирги вақтда фуқаролар йиғинлари ҳузурида яраштириш комиссиялари иш юритмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Оила кодексига судлар ва ФҲДЁ органлари томонидан уларнинг иш юритувида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар мавжудлиги тўғрисида яраштириш комиссияларини хабардор қилишга доир қоидаларни белгилашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: