Ўзбек депутатлари давлат органларининг очиқлиги тўғрисидаги қонуннинг бажарилишини таҳлил қилдилар

Дата: 11:30, 22-12-2015.

Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси депутатлари “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги янги қонуннинг бажарилишини таҳлил қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Назарий-таҳлилий йиғилиш Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил қилинди. Таҳлил Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Фарғона вилоятидаги давлат органлари тизими ишини ўрганиш асосида ўтказилди.

Депутатларнинг таъкидлашича, янги қонун меъёрларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъкидлайди. Таҳлилларнинг кўрсатича, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг интернет глобал тармоғида расмий веб-сайтлари фаолияти йўлга қўйилиб, тизимли равишда маълумотлар билан тўлдириб борилмоқда, зарур ахборотларни ҳамма кириши мумкин бўлган жойларга жойлаштириш, архив ва ахборот-кутубхона фондлари орқали тақдим этиш тизими жорий қилинган.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборотлар тайёрлаш уларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, оммавий тадбирлар ташкил этиш, ахборот хабарлари (пресс-релиз, бюллетень ва б.) тайёрлаш билан шуғулланувчи ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Шу билан бирга, ОАВ ва ННТ орасида ўтказилган сўровномада иштирок этган оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятлари институтлари вакилларининг 92% давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиб келмоқда, 95% қонун талабига мос равишда ахборот олишга доир сўровларига ўз вақтида жавоб олишмоқда, 98% давлат органлари томонидан ташқил этилган оммавий тадбирларда (матбуот анжумани, брифинг ва б.) иштирок этганлигини кўрсатди.

Йиғилиш давомида веб-сайтларни зарур маълумотлар билан таъминлаб бориш, ахборот хизматларининг фаолиятини жонлантириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмининг яхши ривожланмаганлиги билан боғлиқ камчиликлар муҳокама қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: