Ўзбек депутатлари донорлик тўғрисидаги қонунга тузатишлар киритдилар

Дата: 17:00, 08-01-2016.

Тошкент. 8 январ. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) қуйи палата матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Мазкур қонун лойиҳаси донорларнинг бир марта олинадиган донорлик қони ҳажми меъёрини ва қон топшириш даврийлигини тартибга солиш, шунингдек текинга қон топшираётган шахсларни қўшимча моддий рағбатлантириш йўли билан республикада донорликни янада ривожлантиришга қаратилган нормаларни кўзда тутади”, - дейилади хабарда.

“Адолат” социал-демократик партияси сайтидаги маълумотга кўра, қонунга киритилаётган қўшимчага кўра “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган донорларнинг энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик мукофотланиши кўзда тутилмоқда.

“Газета.uz” маълумотларига кўра, кўкрак нишони билан камида 40 марта қон ёки 60 марта унинг қисмларини топширган шахслар тақдирланади. Имтиёз сифатида улар стационар даволаш-профилактика муассасаларида овқатланишга ҳақ тўлашдан озод этиладилар (пулли касалхона ва бўлимлардан ташқари).

$1 = 2816,47 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: