Ўзбек депутатлари иқтисодиёт либерализациясининг биринчи ютуқларини қайд этдилар

Дата: 12:19, 01-06-2018.

Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – Ўзбек депутатлари иқтисодиёт либерализациясининг биринчи ютуқларини қайд этдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 31 май кунги навбатдаги мажлисида гапирилди. Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилги ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқдилар.   

“Мажлисда валюта сиёсатини либераллаштириш ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланиб, буларнинг натижасида 2017 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5,3 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми – 7,0 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 2,0 фоиз, хизматлар  – 8,9 фоиз ҳамда қурилиш – 5,6 фоизга ўсиши таъминланганлиги қайд этилди”, - дейилади парламент Ахборот хизматининг хабарида. 

Шу билан бирга, тушумлар барқарорлигига эришилганлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали Давлат бюджети 337,3 млрд сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилган.

Мажлис якунларига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ҳамда 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

$1=7982,25 сўм

Сурат манбаи: http://sirstat.uz/print:page,1,405-xotirasi-mangu-yashaydi.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: