Ўзбек депутатлари интеллектуал мулк бўйича қонунларда номутаносибликлар топдилар
Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташаббуси билан Тошкентда "Интеллектуал мулк соҳаси ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари" мавзусида конференция ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Интеллектуал мулк агентлигидан хабар беришларича, форум иштирокчилари интеллектуал мулк соҳаси ҳуқуқий асосларининг ҳозирги ҳолатини ҳар томонлама таҳлил этишга асосий эътибор қаратдилар.
Хусусан, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан қонунларни таҳлил этиш натижасида аниқланган қонун нормаларидаги ноаниқликлар, бошқа қонун хужжатларига мутаносиб эмаслиги соҳани янада ривожлантирилишига салбий таъсир ўтказиши мумкинлиги таъкидланди.
Гап, хусусан, "Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида", "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида", "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида", "Селекция ютуқлари тўғрисида", "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида"ги қонунлар ҳақида кетмоқда.
Конференция ишида Қонунчилик палатаси депутатлари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, ижодий уюшмалар, соҳада фаолият юритаётган нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.