Ўзбек депутатлари қонун лойиҳалари муҳокамасида фуқаролар фикрини ҳисобга олмоқдалар

Дата: 16:14, 16-08-2017.

Тошкент. 16 август. ЎзТАГ – Ўзбек депутатлари қонун лойиҳалари муҳокамасида фуқаролар фикрини ҳисобга олмоқдалар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 14-15 август кунлари бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида сўз кетди. Унда депутатлар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

“Депутатлар ўз ишларини “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилишдан бошладилар. Иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида мазкур Қонуннинг жамоатчилик муҳокамаси жараёнида тадбиркорлар, экспертлар ва мутахассислардан, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ва оддий кишилардан умуман 1385 та фикр, таклиф ва тавсиялар келиб тушди. Барча таклифлар Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳузурида фаолият кўрсатувчи эксперт комиссиясида, шунингдек Қонунчилик палатасининг бўлиб ўтган мажлисида батафсил муҳокама этилди. Таъкидлаб ўтилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатларини кучайтиришдан, улар фаолиятига давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг асоссиз аралашувининг олдини олишдан, бизнес-омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий механизмларини белгилашдан иборатдир”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизматининг хабарида.

Шундан сўнг депутатлар “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам моддама-модда муҳокама қилдилар. Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг аъзоси Р. Кушербаев қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида депутатлар келиб тушган кўплаб амалий хусусиятга эга бўлган таклифларни таҳлил қилганликларини таъкидлади. Чунончи, фуқаро Г. Бобоқулова томонидан билдирилган болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизимига соғлиқни сақлаш муассасаларини ҳам киритишга тааллуқли таклиф инобатга олинди. Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасини ҳамда ақлий заифлиги ёки қарамлик ҳолатида бўлганлиги муносабати билан алоҳида парваришга муҳтож болаларнинг ахлоқи ва фаровонлигини ҳимоя қилиш, ўсиб келаётган авлодни зарарли ахборотдан ҳимоялаш соҳасидаги халқаро шартномаларни (ҳуқуқларни) инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилгандир. Европа Иттифоқи мамлакатлари, чунончи, Германия, Италия, Франция, Буюк Британия, Литванинг, шунингдек АҚШ, Япония ва бошқа давлатларнинг шу соҳадаги тажрибаси ҳам эътиборга олинди.

“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан ҳам амалий таклифлар ва тавсиялар тушди. Шуни таъкидлаш керакки, барча таклифлар мажлисга тайёргарлик чоғида депутатлар томонидан синчликлаб ўрганилди”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: