Ўзбек депутатлари суд тизимини ислоҳ қилиш масалаларини кўриб чиқдилар ва партияларнинг молиялаштириш манбалари ҳақидаги ҳисоботларини тингладилар

Дата: 09:36, 18-03-2017.

Тошкент. 18 март. ЎзТАГ – Ўзбек депутатлари ўзларининг навбатдаги йиғилишида суд тизимини ислоҳ қилиш масалаларини кўриб чиқдилар ва партияларнинг молиялаштириш манбалари ҳақидаги ҳисоботларини тингладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини кафолатлаш масалаларига қаратилаётган катта эътибор алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бунга эса, биринчи навбатда,  қонунийликни, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва судлар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш орқали эришиш мумкин. Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун муайян чоралар кўрилмоқда. Хусусан, сўнгги ойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, шунингдек  “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди”, - дейилади парламент қуйи палатаси ахборот хизмати хабарида.

Сўнгра, дейилади хабарда, амалий мулоқот чоғида парламент қуйи палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида амалдаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва  манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш механизмларини мустаҳкамлашга қаратилганлигини қайд этиб ўтдилар. Ҳозирнинг ўзидаёқ мазкур қарорлар халқ томонидан кўтаринки руҳ билан қабул қилиниб, бу ҳақида мамлакатимизнинг турли ҳудудларига бўлган ташрифлар чоғида депутатлар мулоқот қилган минглаб фуқароларимизнинг фикрлари гувоҳлик бермоқда.

“Шу сабабли депутатлар қонун лойиҳаларини ҳудудларда мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш, одамларнинг турмуш сифатини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолияти учун қулай шароитлар яратишни кўзлаб муҳокама қилдилар. Бунинг учун, биринчи навбатда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари барча институтларининг самарали фаолиятини таъминлашда ҳакам ўрнини тутувчи суд тизимининг иши аниқ, бир маромда бориши зарур”, - деб таъкидланади хабарда.  

Умуман олганда, мажлис давомида таъкидланганидек, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг ягона олий орган – Олий суд раҳбарлигида судлар фаолиятининг, маъмурий суд иш юритуви ҳамда хўжалик иш юритувининг ўрнига – иқтисодий иш юритувининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилади.

Муҳокама қизиқарли баҳс тарзида ўтган бўлиб, бу кун тартибига киритилган қонун лойиҳаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш имконини берди.

“Сўнгра, депутатлар конституциявий ваколатларига мувофиқ сиёсий партияларнинг 2016 йилда ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитдилар. Ушбу масала бўйича барча сиёсий партиялар раҳбарлари сўзга чиқдилар. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда энг муҳим давлат масалаларини ҳал этишда сиёсий партияларнинг роли ва таъсири, шунингдек уларнинг парламентдаги фаолияти сезиларли даражада кучайди. Бунга сиёсий партияларни ривожлантириш, улар фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш юзасидан яратилган мустаҳкам ҳуқуқий база имкон берди. Депутатлар сиёсий партияларнинг моддий-молиявий, ташкилий-кадрлар, бошқа имкониятлари ўз дастурий мақсадлари ва вазифаларини амалда ижро этишда катта аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтдилар, шунинг учун уларни ҳамма билиши ва уларнинг очиқ бўлиши жуда муҳимдир”, - дейилади хабарда.

Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар сиёсий партияларнинг 2016 йилда ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилдилар.

Мажлис давомида депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: