Ўзбек депутатлари тўлов интизоми масаласини муҳокама қилдилар
Тошкент. 9 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбек депутатлари мамлакат бюджетининг бажарилишига бағишланган муҳокамада тўлов интизоми масаласига ҳам тўхталдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Айрим бюджет ташкилотларида маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига, уларнинг ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганлиги, шунингдек айрим тармоқларда тўлов интизомига риоя этилмаётганлиги оқибатида дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлар, айримларида эса бюджет олдидаги боқиманда қарздорликларнинг мавжуд бўлаётганлиги қайд этилди.
Ушбу масалалар бўйича Давлат солиқ ва божхона қўмиталарининг бюджет даромадларининг ижроси бўйича, Халқ таълими вазирлигининг ҳисобот даврида соҳада давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлари тўғрисидаги, шунингдек “Ўзбекенгилсаноат” компанияси тизимида зарар билан ишлаётган корхоналар тўғрисидаги ва уларни соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлар тингланди.
Шунингдек, депутатлар давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, жумладан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг даромадлари ва харажатлари бўйича ҳам ижроси таъминланмаганлигига эътибор қаратиб, бунинг сабаблари ҳақида мутасадди раҳбарларнинг ахборотини тингладилар.
Шу билан бирга, давлат бюджетига солиқ тушумларини кўпайиши кузатилмоқда. Хусусан, 2014 йилнинг биринчи ярмига солиштирганда бевосита солиқлар 16,7%, билвосита солиқлардан тушумлар эса 16,8% ортиши таъминланди.