Ўзбек депутатлари “Ветеринария тўғрисида”ги қонун меъёрларини муҳокама қилдилар

Дата: 17:25, 27-01-2016.

Тошкент. 27 январ. ЎзТАГ – “Ветеринария тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишлар Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда маҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ЎзЛиДеп матбуот хизматидан маълум қилишларича, семинарга депутатлардан ташқари Давлат ветеринария хизмати бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ва туманлар ветеринария бўлимлари раҳбарлари, давлат ветеринария-санитария лабораторияси мутахассислари, соҳа олимлари таклиф этилди.

Қонун янги таҳрири қабул қилиниши бугунда дунёнинг турли минтақаларида ҳайвонлар касалликлари, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган касалликлар сони кўпайиши билан боғлиқ.

Шу муносабат билан янги таҳрирда ветеринария соҳасидаги профилактика, диагностика ва даволаш тадбирлари, лаборатория синовлари, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларига ветеринария талаблари акс этган.

Шунингдек, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларининг муомалада бўлишига ҳамда давлат ветеринария назорати остидаги товарларни ишлаб чиқаришда ва муомалада бўлишида ветеринария талаблари, биологик чиқиндиларнинг муомалада бўлиши ва уларни йўқ қилишда ветеринария талаблари ўз аксини топган.

Бундан ташқари, айни пайтда қўлланиб келинаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларнинг ветеринария соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишдаги иштироки, эпизоотияга қарши тадбирларни ўтказишда тегишли ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш каби нормалар белгиланган.

Қонуннинг янги таҳририда давлат ветеринария назоратининг ўрни, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик масаласи ҳам аниқлаштирилган.

Эслатиб ўтамизки, “Ветеринария тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири мамлакат президенти томонидан 2015 йил 29 декабрда имзоланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: