Ўзбек дзюдочилари Риога 8 йўлланмани қўлга киритдилар
Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – Ўзбек дзюдочилари Риодаги Олимпиа ўйинларига барча эркаклар ва тоифалари ва битта аёллар тоифасида – жами 8 йўлланмани қўлга киритдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Дзюдо федерациясидан хабар беришларча, бу Халқаро дзюдо федерациясининг расмий сайтида жорий йил Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилар рўйхати билан тасдиқланди.
Маълумки, Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун рейтинг очколари ўйналган мусобақалар якунларига кўра эркаклар ўртасида ҳар бир вазн тоифасида кучли 22таликдан, хотин-қизлар орасида эса кучли 14таликдан ўрин олган спортчилар “Рио-2016” ўйинларига йўлланма оладилар. Қоидага кўра, ҳар бир вазн тоифасида бир давлатдан фақатгина бир нафар спортчи йўлланмага эга бўлади. Бундан ташқари, қитъавий квоталар орқали ҳам спортчиларга Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари берилади.
Эркаклар терма жамоасининг икки нафардан спортчиси -60 кг. ва -81 кг вазн тоифаларида кучли 22таликдан ўрин эгаллашган. Булар Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг), Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг), Шаҳзодбек Собиров (-81 кг) ва Яҳё Имомов (-81 кг). Уларнинг қай бирини XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўл олиши Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинади.
Қолган вазн тоифаларида Ришод Собиров (-66 кг), Мирали Шарипов (-73 кг), Шерали Жўраев (-90 кг), Соиб Қурбонов (-100 кг) ва Абдулло Тангриев (+100 кг) кучли 22таликдан ўрин эгаллаб, Олимпиада ўйинларининг йўлланмасига эга бўлдилар.
Аёллар термасида мамлакат шарафини Гулноз Матниёзова (-70 кг) ҳимиоя қилади. У йўлланмани қитъа квотаси бўйича олди.
Эслатиб ўтамизки, бунга қадар ўзбекистнлик дзюдочилардан Абдулло Тангриев 2008 йили Пекинда (Хитой) бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Ришод Собиров 2008 йилги Пекин ҳамда 2012 йилги Лондонда (Буюк Британия) ўтказилган Олимпиада ўйинларида бронза медаллари билан тақдирланган. Шунингдек, Мирали Шарипов 2008 йили Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида вазни 66 кггача бўлган полвонлар мусобақасида 5-ўринни эгаллаган. Яҳё Имомов эса Лондон-2012 ўйинларида (-81 кг.вазнда) 17-ўринни банд этган эди.