Ўзбек дзюдочиси ўсмирлар Олимпиада ўйинлари совриндори бўлди

Дата: 17:45, 18-08-2014.

Тошкент. 18 август. ЎзТАГ – 17-ёшли ўзбек дзюдочиси Суҳроб Турсунов Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлаётган II ўсмирлар ёзги Олимпиада ўйинларининг бронза медали совриндори бўлди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Дзюдо федерацияси маълумотларига кўра, у 66 кггача бўлган вазн тоифасида қатнашмоқда.

“Ўзбекистонлик спортчи курашаётган вазн тоифаси энг кўп сонлидир. Унда 21 курашчи қатнашади. Солиштириш учун, 100 кггача бўлган вазн тоифасида атига 4 киши иштирок этади. Суҳроб Турсунов биринчи баҳсда болгариялик Стоян Тарапановни муддатдан аввал 31 сонияда иппон баҳоси билан енгиб, иккинчи беллашувда украиналик тажрибали спортчи Богдан Ядов қаршилигини енга олмади. Шундан сўнг ўтиш мусобақасида иштирок этган Суҳроб дастлаб беларусиялик Дмитрий Минкоуни, кейинчалик арманистонлик полвон Арутюн Дермишянни муддатдан аввал мағлуб этиб, бронза медали учун курашни давом эттирадиган бўлди. Учинчи ўрин учун кечган беллашувда ҳамюртимиз Коста-Рика вакили Жулиан Санчони вазари ишлаган ҳолда мағлуб этди ва иккинчи ўсмирлар олимпиада ўйинларининг бронза медали билан тақдирланди”, деб таъкидлашди федерация матбуот хизматида.

Эслатиб ўтамизки, Майамидаги 2013 йилги жаҳон чемпионатида Суҳроб бешинчи бўлган ва бу унга II ўсмирлар Олимпиада ўйинларига лицензия олишга имкон берган эди. Биз бу тўғрисида илгари хабар қилган эдик.

Нанкиндаги олимпиада медаллари учун дунёнинг 68 мамлакатидан келган 103 ёш дзюдочи беллашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: