Ўзбек дзюдочиси Тюмен турниридан “кумуш” билан қайтди

Дата: 16:33, 15-07-2014.

Тошкент. 15 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик дзюдочи Дилшод Чориев жорий йилнинг 12-13 июл кунлари Россиянинг Тюмень шаҳрида ўтказилган "Улкан тож" турнирида кумуш медали совриндори бўлди. Турнирда дунёнинг 38 мамлакатидан келган 264 дзюдочи иштирок этди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон дзюдо федерациясидан хабар қилишларича, Тюмень бу йили халқаро дзюдо федерацияси тақвимидаги “Улкан тож” туркумига кирувчи обрўли мусобақалар ўтадиган тўрт шаҳардан бири бўлди. Февралда шундай илк турнир Парижда, майда Бокуда, июлда эса Тюменда бўлиб ўтди. Якунловчи мусобақа эса декабрда Токиода ўтказилади.
Тажрибали спортчи дастлаб саралаш босқичида россиялик Самир Гучапшев ва венгриялик Кристиан Тотни мағлуб этиб, ярим финалда яна бир россиялик полвон Мурат Гасиевдан устун келди. Афсуски, ҳал қилувчи беллашувда Дилшод дзюдо ватани вакилига Юя Йошидага (Япония) имкониятни бой берди.
Яна ики ўзбекистонлик дзюдочи - Рамзиддин Саидов (100 кггача) ва Шарофиддин Лутфиллаев (60 кггача) навбати билан бешинчи ва еттинчи бўлдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: