Ўзбек экспортчилари учун валюта тушумини сотиш ҳажмлари икки бараварга қисқартирилди

Дата: 14:26, 03-02-2017.

Тошкент. 3 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати экспортчи корхоналар томонидан ваколатли банкларга валюта тушумини мажбурий сотиш меъёрларини икки бараварга пасайтириб, 50%дан 25%га туширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир тегишли қарор Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 1 феврал куни қабул қилинди. Хужжат билан хўжалик субъектларининг чет эл валютаси тушумини мажбурий сотиш тартибларига ўзгартишлар киритилган.

Айни пайтда 16 турдаги маҳсулот ва хизматнинг истисно тариқасида валюта тушумининг 50%ини мажбурий тартибда сотиш тартиби сақланиб қолади. Бу рўйхатга буғдой, олтингугурт, табиий газ ва нефтгаз соҳаси бошқа маҳсулотлари (шу жумладан транзити), уран, полиэтилен, полипропилен, қора металлар, мис ва рух, водород, инерт газлар ва бошқа нометаллар, қимматбаҳо бўлмаган металлар, металлокерамика ва бошқалар киритилган.

Рўйхатга шунингдек авиатранспорт хизматлари, темир йўл транспорти хизматлари, телекоммуникация ва банк хизматлари киритилган.

Эслатиб ўтамизки, валюта тушумини мажбурий тартибда сотишдан тайёр маҳсулотларни экспорт қилувчи текстил корхоналари, шунингдек ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ва хизматлар экспортини амалга оширувчи кичик бизнес субъектлари озод этилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: