Ўзбек енгил саноати ҳажми 16,6% ўсди
Тошкент. 20 январ. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистон енгил саноати корхоналари томонидан 15 трлн 318,1 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва бу 2014 йилнинг тегишли давридаги кўрсаткичга нисбатан 16,6% кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат статистика қўмитасидан маълум қилишларича, тармоқнинг жами саноат ҳажмидаги улуши 16,7%га етди (2014 йил январ-декабрида – 15,5%).
Хусусан, ҳисобот даврида, республика тўқимачилик саноати корхоналари томонидан 8938,9 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди (+12,1%), шу жумладан, ишлаб чиқариш ипакчилик саноатида – 10,4%, пахта тозалаш саноатида 7%, ип-газлама саноатида 22,7%, трикотаж саноатида 13,5% ўсди.
Шу билан бирга, маҳсулот ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан тикувчилик саноатида – 18,9%га, чарм-пойафзал саноатида – 22%га ўсгани қайд қилинди.
Ҳудудлар кесимида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг катта қисми Тошкент шаҳри (тармоқнинг республикадаги ҳажмига нисбатан 14,1%), Андижон (11,7%), Фарғона (11,7%) ва Самарқанд (9,1 %) вилоятлари корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 24,7%га ошди ҳамда улар маҳсулотининг тармоқдаги улуши 59,3%ни ташкил қилди.
Ҳозирги кунда республикада 8904 та енгил саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда, улардан 3476 таси тўқимачилик, 4684 таси тикувчилик ҳамда 712 таси чарм-пойафзал йўналишидаги корхоналар ҳисобланади.
2015 йилда 1130 та енгил саноат корхоналари янгидан ташкил этилди.