Ўзбек енгил саноати инвесторларга $216 млндан зиёд активларни сотади
Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – “Ўзбекенгилсаноат” АЖ хорижий инвесторларга умумий қиймати 216 млндан зиёд активларни сотишга доир меморандум ва шартномалар имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Гонконгнинг Lemon International ширкатига Андижон вилоятидаги “Бобур” банкрот-корхонасининг бўш ётган бинолари сотилди. Унинг қиймати $2,4 млнни ташкил этди. Айни пайтда “Ўзбекенгилсаноат”, Давлат рақобат қўмитаси, Андижон вилояти ҳокимияти инвесторлар билан ушбу корхона негизида қиймати $25 млнлик қувватлар ташкил этиш ҳақида меморандум имзоладилар”, - деб таъкидлашди “Ўзбекенгилсаноат” АЖда.
Бундан ташқари, “Индорама Корпорейшн” (Сингапур) билан “Бухоротекс” АЖ негизида инвестлойиҳа амалга ошириш, Enertrade (АҚШ) компанияси билан Наманган вилоятидаги “Норинтекс” АЖ давлат улушини сотиб олиш, Swiss Capital (Швейцария) компанияси билан 2016-2018 йилларда Сурхандарё вилоятида калава ип ишлаб чиқаришни ташкил қилиш борасида меморандумлар имзоланди.


