Ўзбек фонд биржасининг ҳафталик айланмаси 850 млн сўмни ташкил қилди

Дата: 09:33, 30-04-2015.

Тошкент. 30 апрел. ЎзТАГ – 20-24 апрелда “Тошкент” Республика фонд биржасида 10 эмитентнинг қимматли қоғозлари билан боғлиқ умумий қиймати 850 млн сўмлик олди-сотди битимлари тузилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бирламчи бозор акциялари билан битимлар бозорнинг деярли учдан бири – 29% (244 млн сўм) ташкил қилди, иккиламчи бозор айланмаси 606 млн сўмга тенг бўлди.

Умумий биржа айланмасининг энг катта улушини – 584 млн сўмини (69%) молия хизматлари соҳаси ташкил этди, булар асосан “А” тоифасидаги тижорат банклари акцияларидир. Ҳафтанинг етакчи эмитенти 312 млн сўмлик савдо билан “Ipoteka-bank” акционерлик-тижорат банки бўлди.

Ўтган ҳафтада битимларда қатнашган 12 брокерлик идоралари етакчилари орасида “Full Stock Group” (айланманинг 32%), “Portfolio Investments” (18%), “Universal Depozit” (13%) кабилар бор.

“Тошкент” РФБ маълумотларига кўра 2015 йил бошидан бери биржа айланмаси 71,15 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилдаги муқобил кўрсаткичдан деярли 4 бараварга (18,8 млрд сўм) кўп. Йил бошидан бери биржа таркибида иккиламчи бозор улуши 85% (61,04 млрд сўм), бирламчи бозор улуши 15% (10,52 млрд сўм) ташкил қилди.

Биржа савдоларида Тошкент шаҳри корхоналари акциялари билан тузилган битимлар энг кўпни – 96% (68,372 млрд сўм) ташкил этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: