Ўзбек футзалчилари Осиё чемпионати олдидан Вьетнам билан учрашадилар
Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақа олдидан Вьетнам термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Футбол федерациясидан хабар беришларича, жамоаларнинг ўйини 2016 йил 1 феврал куни Тошкентда ўтказилади.
Аввал хабар қилингани каби, ушбу ўйин олдидан Ўзбекистон футзал терма жамоаси 22-24 январ кунлари Алмати шаҳрида ўзининг навбатдаги ўқув-машқ йиғинини ўтказмоқда. Унинг доирасида Қозоғистон футзал терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Жамоа Тошкентга қайтгач, 26 январдан бошлаб мусобақа олдидан сўнгги йиғинга киради. Таъкидлаш зарурки, Вьетнам жамоаси билан ўйиндан сўнг, Осиё чемпионати олдидан яна бир ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирган.
Эслатиб ўтамизки, футзал бўйича Осиё чемпионати 2016 йилнинг 10-21 феврал кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Қуръа натижасига кўра Ўзбекистон терма жамоаси "А" гуруҳидан ўрин олган. Гуруҳда Хосе Мария Мендез жамоасига Саудия Арабистони, Қирғизистон ҳамда Ливан жамоалари рақиб бўлади.
Таъкидлаш керакки, Очиё чемпионатида энг юқори 5 ўринини эгаллаган жамоалар Колумбияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.