Ўзбек интернет сегментида 24 мингдан ошиқ сайтлар мавжуд, ҳар ой уларнинг сони яна 2 мингга ошмоқда

Дата: 16:18, 22-10-2015.

Тошкент. 22 октябр. ЎзТАГ – 2015 йилда ўзбек интернет сегменти ўзининг 20 йиллигини нишонлади. Бугун Ўзнетда 24 мингдан ошиқ сайтлар мавжуд, ҳар ой уларнинг сони яна 2 мингга ошмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, миллий тармоқда давлат тилидаги сайтлар сони сезиларли даражада кўпайди. Ҳозирда барча давлат органлари сайтлари, таълим муассасалари веб-сайтлари ва билим беришга қаратилган интернет-порталларнинг хаммаси давлат тилидаги версияга эга.

Расмий муассасалардан ташқари, ўзбек тилидаги сайтларнинг ошишига Ўзнет фойдаланувчиларининг ўзлари ҳам ҳисса қўшмоқда. Хусусан, фуқаролик журналистикасининг омили ҳисобланган шахсий саҳифа ва блоглар кўпайди. Хусусан, жорий йилнинг мартида ўзбек тилида юритиладиган блогерлар ўртасидаги танлов ўтказилиб, унда 266 блогер қатнашди ва 319 блогпостлар ёзди.

ZiyoNET ахборот-таълим тармоғи хизматлари ҳам Ўзнет ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Бу ердаги барча маълумотлар давлат тилида, кирилл ва лотин ёзувларида тақдим қилинган. Тармоқ кутубхонасида 25 мингга яқин электрон манба бор.

Бундан ташқари, ZiyoNET таълим порталига жойлаштирилган видео ҳамда аудио китобларнинг сони ҳам кўпайиб бормоқда. Биргина июлда “Аудиокитоблар” бўлими очилиб, бу ерда ҳозирда 600 зиёд аудиокитоблар, эртаклар ва бошқа аудиоматериаллар жойлаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: