Ўзбек-қирғиз чегарасида тушунмовчилик келиб чиқди

Дата: 16:32, 13-04-2017.

Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ – Ўзбек-қирғиз чегарасида тушунмовчилик келиб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Sputnik Узбекистан нашрининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш бўйича қўмитасига асосланиб берган маълумотига кўра, 11 апрел соат тахминан 19.00ларда Фарғона вилоятининг Сўх тумани ҳудудидан ўтувчи “Кизилкияк-Бозадыр” транзит автойўлида Ўзбекистон чегара наряди хизматни ўтаётган пост яқинида Audi автомашинаси тўхтаган. Уни Боткент чегара отряди “Боз-Адыр” чегара заставаси бошлиғи катта лейтенант Э.Аскарбеков маст ҳолатда бошқарганлиги маълум бўлди.

“У қўпол шаклда сўкинган ҳолда Ўзбекистон ҳарбийларидан ушбу ҳудудни тарк этишни талаб қилган. Чегара наряди Аскарбековга бундай қилмаслик ва вазиятни оғирлаштирмаслик зарурлиги ҳақидаги маълумотни етказган. Аммо Аскарбеков бунга жавобан Ўзбекистон чегарачисини ушлаб олиб, уни Қирғизистон ҳудудидга олиб кетишга ҳаракат қилган”, - деб таъкидлашди қўмита матбуот хизматида.

 Ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узилганидан кейин вазиятни назоратга олишга муваффақ бўлинган. Қирғизистон Республикаси билан яхши қўшничилик муносабатларини ҳисобга олган ҳолда юқоридаги ҳарбий қўлга олинмаган ва ўз ҳудудига мустақил равишда қайтган.

Шу куннинг ўзида Боткент чегара отряди вакиллари билан ташкил қилинган учрашувда қирғиз томони Аскарбековнинг ҳаракатлари ноқонунийлигини тан олмаган. Бундан ташқари, қирғиз томони Аскарбековни алкоголдан мастлигига экспертизадан ўтказишдан бош тортган.

“Ўзбекистон МХХнинг Давлат чегарасини қўриқлаш бўйича қўмитаси қирғиз ҳамкасбларини ўз ҳарбийлари ҳаракатларига одилона баҳо беришга ва бундан кейин юқоридаги каби провокацияларнинг қайтарилишига йўл қўймасликка чақиради”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: