Ўзбек қишлоқ хўжалик маҳсулоти ташқи бозорларда UzAgro бренди остида сотилади
Тошкент. 1 август. ЎзТАГ – Янги ва қайта ишланган ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ташқи бозорларда UzAgro бренди остида сотилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Газета.uz”га “Ўзбекозиқовқатхолдинг” матбуот хизматидан хабар қилишларича, UzAgro бренди хорижий шериклар учун юқори сифатли маҳсулот ва хизматлар кафолати бўлади.
“Ҳар бир мамлакатдаги харидорлар UzAgro деганда кўплаб биологик хусусиятлари ва таъми билан рақобатчиларини орта қолдирувчи юқори сифатли экологик тоза маҳсулотларни харид қилаётганини англаб етишади”, - деб таъкидлади “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК бошқаруви раиси Тоҳиржон Жалилов.
У UzAgro ўзбек экспортчиларини бирлаштирувчи куч бўлишига ишончи билдирди. “Масалан, бўлажак экин экиш мавсумидаёқ биз жаҳон бозорида керакли бўлган маҳсулот миқдори ва хусусиятлари борасида маслаҳат беришимиз мумкин. Сақлаш ва ташиш харажатларини камайтиришга ёрдам берамиз. Ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатамиз. Ишончли ҳамкорлар топишга ҳам ёрдам берамиз”, - дея таъкидлади у.
“Брендни ривожлантириш борасида стратегик режалаштириш харажатларни максимал даражада қисқартириш имконини беради. Чунки бугунда экспортчилар ортиқча ёки оз ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқариш, нарх белгилашдаги нўноқликлар, юқори таваккалчиликка эга бозорларда бўлажак ҳамкорлар танлашдаги йўқотишлар, логистиканинг қимматга тушиши, кредитларнинг қимматга тушаётганидан азият чекишмоқда”, - деб таъкидлашди компанияда.
Эслатиб ўтамизки, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ўтган йилнинг феврал ойида Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари ассоциацияси базасида ташкил этилган эди.


