Ўзбек каратэчилари Олмотадаги турнирда тўққиз совринни қўлга киритдилар

Дата: 09:14, 04-04-2018.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Каратэ бўйича Ўзбекистон термаси аъзолари Олмотадаги “Казахстан Опен – 2018” турнирида тўққиз совринни қўлга киритдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон МОҚ маълумотига кўра, турнир ўзбек спортчиларининг Окинава шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик босқичидир.

Шунингдек, улар София (Болгария) ва Умаг шаҳарларидаги (Хорватия) Ёшлар лигаси турнирларига ҳам тайёрланмоқдалар.

Ўз вазн тоифаларида ғолибликни бухоролик Бекзод Туйғунов (-60 кг), қорақалпоғистонлик Наргиза Муртазаева (-48 кг) ва сурхандарёлик Дилдора Аликуловалар (-53 кг) қўлга киритдилар. “Кумуш” соврин тошкентлик Наргиза Тоҳировага (-48 кг) насиб қилди.

Бундан ташқари, бронза совриндорлари сирасига қашқадарёлик Бону Эгамбердиева (-59 кг), самарқандлик Севара Жуманиязова (+59кг), андижонлик Исломжон Сатторов (-70 кг), Шахинабону Казаковалар (-54 кг) ва бухоролик Бекзод Тўевлар (+84 кг) кирдилар.

Сурат манбаи: http://www.fudokaninfo.com/prof-dr-ilija-jorga-is-on-a-visit-to-uzbekistan

Янгилик билан ўртоқлашиш: