Ўзбек комбинати 6 ой ичида 23,495 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди
Тошкент. 18 август. ЎзТАГ – 2014 йилнинг 6 ойида Ўзбек Қийин эрувчи ва иссиққа чидамли металлар комбинати (ЎзҚЭИЧК) қиймати 23,495 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Корхона маълумотларига кўра, ўсиш суръатлари 2013 йилнинг январ-июнига қараганда солиштирма нархларида 103,5% ташкил қилди. Маҳсулот экспорти бўйича вазифа 95,9% қилиб бажарилди.
2014 йилнинг биринчи ярим йили натижалари бўйича 168,8 млн сўм соф фойда олинди. Маҳсулот таннархининг пасайтирилиши ҳисобига харажатлар 2,991 млрд сўмга камайтирилди.
Инвестиция дастури доирасида биринчи ярим йилда 166,6 млн сўм ўзлаштирилди.
Шунингдек, махсус тадбирлар натижасида 10,2 минг кубометр табиий газ, 294,1 минг кВт/с. электроэнергия, 1,25 минг Гкал иссиқлик энергияси тежаб қолинди.
Эслатиб ўтамизки, ЎзҚЭИЧК ёпиқ технологик циклда вольфрам ва молибден маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонадир. Комбинат таркибида гидрометаллургия, симлар ва эритиш-қуйиш бўлинмалари бўлиб, бу металларрни чиқитсиз равишда қайта ишлашга имкон беради.