Ўзбек компаниялари ўз маҳсулотларини “MasterCard” карталари орқали сотишлари мумкин
Тошкент. 17 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки “MasterCard” халқаро тўлов тизимининг принципиал аъзоси мақомини олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Банкдан маълум қилишларича, ЎМБ томонидан ушбу мақомнинг олиниши тез орада мамлакат савдо хизмат корхоналари ўз маҳсулотларини “MasterCard” карталари орқали сотишлари мумкинлигини англатади.
Олдин бу ишни фақат “Visa” карталари орқали амалга ошириш мумкин эди. ЎМБ ушбу тизимга 1993 йилда аъзо бўлган.
Бугунга келиб ЎМБ 112 минг “Visa” карталари чиқарди. Улардаги қолдиқ маблағлар 2016 йилнинг 1 январи ҳолатига келиб $15,5 млнни ташкил этади.
Савдо хизмат корхоналарининг “Visa” карталари бўйича айланмаси $42,8 млнни ташкил қилди, улар бўйича банкоматлар сони 11, СХК сони – 120.
“MasterCard” халқаро тўлов тизимининг принципиал аъзоси мақомини олиши баробарида ЎМБ ушбу карталар билан ишлаш инфраструктурасини яратиш ишига киришди. Жорий йилда “Visa” ва “MasterCard” халқаро карталарини POS-терминаллар орқали эквайринг қилиш лойиҳасини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.