Ўзбек компанияларида АКТ жорий қилиш бўйича қиймати 336 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда
Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Ўзбек компанияларида АКТ жорий қилиш бўйича қиймати 336 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2016 йилнинг 9 ойидаги фаолияти сарҳисоби, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг бориши, истиқболдаги вазифа ҳамда лойиҳаларни белгилашга бағишланган Ҳайъат мажлисида эълон қилинди.
“Иқтисодиётнинг реал секторида, акционерлик компаниялар, уюшмалар, йирик иқтисодий корхоналарида технологияларини жорий этиш бўйича давлат раҳбарияти қарорлари асосида ҳозирда умумий хажми 336 млрд сўмга тенг ахборот тизимлари ва дастурий таминотларни жорий этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳозирда умумий умумий қиймати 62,4 млрд сўмга тенг 81та лойиҳа амалга оширилди. 2016-2018 йиллар давомидабу йўналишда умумий қиймати 1,1 трлн сўмга тенг 89та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган”, - дейилади муассаса ахборот хизматининг хабарида.
Бундан ташқари, дастурий маҳсулотлар яратувчилар миллий реестрига киритилган дастур яратувчиларнинг сони 114га етди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 131% ўсди. Қайд этиб ўтилдики ҳукумат раҳбарларининг қарорлари асосида берилган имтиёзлар натижасида дастур ишлаб чиқарувчилар 2 млрд сўмдан зиёд маблағни иқтисод қилганлар.