Ўзбек корхонаси Марказий Осиё Савдо форуми доирасида инновацион ёндашувларни жорий этиш учун мукофот олди
Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик “GolddriedFruitsExport” корхонасига Олмотада (Қозоғистон) бўлиб ўтган VII Марказий Осиё Савдо форуми доирасида ишлаб чиқаришда инновацион ёндашувларни жорий этиш учун мукофот топширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Мева-сабзавот ва транспорт-логистика тармоқларида етакчилар уч номинацияларда аниқланди.
Шунингдек, улар орасида “Транслайн Қозоғистон” компанияси ҳам бўлиб, у логистика экспертлари кейинги авлодини ўқитишда инновациялар бўйича етакчилик қилди. Энг йирик ўрик етиштирувчи, Россия ва Қозоғистонга янги ва қуритилган ўрикнинг энг катта экспортчиси Тожикистоннинг “Абрикос и Компания” компанияси энг яхши кўргазма стенди учун тақдирланди.
Форум доирасида Марказий Осиё тадбиркорлари орасида қиймати $26 млнлик келишувлар имзоланди.
Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, тадбирда Марказий Осиё, Осиё ва Европанинг 18 мамлакатига мансуб 1,1 мингдан зиёд компаниялар вакиллари ва давлат тармоғи вакиллари қатнашдилар.