Ўзбек корхонаси россия юк автомобили учун шовқиндан ҳимояловчи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди
Тошкент. 25 феврал. ЎзТАГ – “Уз-Ханву” ўзбек корхонаси “Урал Next” россия юк автомобили учун шовқиндан ҳимояловчи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзавтосаноат” АК хабар қилишларича, экспорт ишлари 2015 йилда “Уз-Ханву” МЧЖнинг “Группа Газ” ОАЖ тармоқ заводлари билан ҳамкорлиги натижасида йўлга қўйилди.
Эслатиб ўтамизки, “Группа Газ” ОАЖ – Россиянинг энг йирик автомобилсозлик холдинги бўлиб, 18 корхонани ўз ичига олади. Шунингдек, корхона юк ташувчи транспортлар бўйича Россияда етакчи бўлиб, енгил тижорат автомобиллари тармоғида 50%, тўлиқ приводли оғир юк машиналари сегментида 45%, автобуслар сегментида 70% улушга эга.
“Уз-Ханву” МЧЖ “GM Uzbekistan” ишлаб чиқараётган автомобиллар учун шовқиндан ҳимояловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.


