Ўзбек куч тизимлари Фарғона вилоятидаги тиббиёт коллежининг ўқитувчисини ашёвий далил билан бирга қўлга олди
Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) ходимлари Фарғона вилоятининг Қува тумани тиббиёт коллежи ўқитувчиси 37 ёшли Абдулазиз Ҳошимовни $1 минг олаётган вақтида ашёвий далил билан бирга қўлга олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бу пул эвазига у фуқаро Р.Б.га унинг икки яқинларини тиббиёт коллежига ўқишга киритишга ёрдам беришга ваъда берган”, - деб таъкидланади куч тизими хабарида.
Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валюта жиноятлари ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бошқармаси А.Ҳошимовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибганлик) бўйича иш қўзғади. Тергов давом этмоқда.