Ўзбек куч тизимлари “Ватанпарвар” МКТга кириш билан боғлиқ фирибгарликни аниқладилар
Тошкент. 14 сентябр. ЎзТАГ – Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) тезкор ходимлари “Ватанпарвар” мудофаага кўмаклашиш ташкилоти қошидаги ҳайдовчилик курсларига фуқароларни пул эвазига киритиб қўйишга ваъда берган фирибгар аёлни қўлга олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) МХХ хабарига асосланган ҳолда.
Хуқуқни муҳофаза қилиш органларига Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи аёл мурожаат қилиб, аризасида Фарғона шаҳрида яшовчи Гулнозхон исмли аёл ундан қариндошини $1,5 минг эвазига “Ватанпарвар” МКТ қошидаги ҳайдовчилик курсларига киритиб қўйишга ёрдам кўрсатишни ваъда қилганини хабар қилди.
“Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ушбу ариза асосида Бош прокуратура қошидаги Департамент билан ҳамкорликда тезкор гуруҳ ташкил этдилар. Натижада гуруҳ аёлни юқори кўрсатилган маблағларни Фарғонадаги хонадонида олаётганида ашёвий далил билан қўлга олди”, - деб таъкидланади хабарда.
Тергов жараёнида қўлга олинган шахс Марғилон шаҳрида яшовчи, вақтинча ишсиз 47 ёшли Гулнозхон Ҳожибалаева экани маълум бўлди. У гўё ҳарбий комиссариат ходимлари орқали ариза ёзган шахснинг қариндошини “Ватанпарвар” қошидаги ҳайдовчилик курсларига киритиб қўймоқчи бўлган.
Таъкидлаб ўтиш зарурки, ушбу курсни битирганлар “В” ва “С” тоифасидаги автотранспортни бошқариш гувоҳномасини олади, шундан кейин битирувчилар мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафига йўналтирилади ҳамда у ерда ҳайдовчилар сифатида муддатли ҳарбий хизматни ўтайди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти Г.Ҳожибалаевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168- (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатди. Тергов давом этмоқда.