Ўзбек курашчиси Рио Олимпиадасининг “бронза”сини қўлга киритди

Дата: 13:36, 15-08-2016.

Тошкент. 15 август. ЎзТАГ – Юнон-рум услубида курашчи Елмурат Тасмурадов 59 кг вазн тоифасида Бразилиядаги Олимпиада-2016нинг бронза медалини қўлга киритди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Учинчи ўрин учун кечган баҳсда ўзбекистонлик спортчи Қирғизистон вакили Арсен Эралиевни мураккаб кечган курашда (13:8) енгди. Елмурат биринчи даврадан сўнг 5:0 ҳисобида олдинга чиқди. Иккинчи давра Эралиев фойдасига ҳал бўлди – 6:5. Баҳс якунига оз қолганда Тасмурадов яна устунликка эришиб, учрашувда ғалаба қозонди”, - деб таъкидлашди Спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизматида.

Олимпия турниридаги илк икки учрашувда Тасмурадов сербиялик Кристик Фрис (7:2) ва Шимолий Корея вакили Вон Чол Юн (9:0) устидан ғалаба қозонди, аммо ярим финалда мазкур вазндаги амалдаги жаҳон чемпиони кубалик Исмаил Боррерони енга олмади (1:4).

Бундан олдинроқ боксчи Ҳасанбой Дўсматов ўзбек термаси ҳисобига биринчи олтин медални олиб келгани ҳақида хабар берилган эди.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон термаси беш медални қўлга киритди: 1 олтин (Ҳасанбой Дўсматов) ва 4 бронза (Диёрбек Ўрозбоев, Ришод Собиров, Рустам Тўлаганов ва Елмурат Тасмурадов).

Янгилик билан ўртоқлашиш: