Ўзбек-литва товар айрибошлаш ҳажми $264 млндан ошди
Тошкент. 10 май. ЎзТАГ – 2017 йилда Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми $264 млндан ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга ташриф буюрган Литва Республикаси Ташқи ишлар вазири Линас Антанас Линкявичус бошчилигидаги нуфузли делегация билан учрашувда келтирилди.
Мамлакат ТИВдан хабар беришларича, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Литва делегацияси таркибида етакчи компаниялар раҳбарлари Тошкентга ташриф буюрганлигини инобатга олган ҳолда, учрашувда савдо, инвестиция, транспорт ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда баъзи халқаро ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Музокараларда Литва Элчиси Ремигиюс Мотузас иштирок этди.
Литва делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ташқи савдо вазирлиги, қишлоқ хўжалиги, Инвестициялар қўмитаси, икки мамлакат ишбилармон доиралари учун “давра суҳбати” ҳам ўрин олган.
Сурат манбаи: https://focus.ua/country/384411/