Ўзбек мактаб ва касалхоналари милицияни ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумотлантиради

Дата: 13:56, 27-11-2014.

Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар фактлари ҳамда ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ бошқа ҳолатлар ҳақида ички ишлар органларига хабар қилиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома тасдиқланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу хужжатга мувофиқ эндиликда Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари ички ишлар органларига ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар фактлари ҳақида, одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий-маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида, таълим олувчи шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақида хабар қилиши шарт. Бундан ташқари, давлат соғлиқни сақлаш муассасалари ички ишлар органларига ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликлар тарқалганлиги ҳақида, баданига шикаст етган ёхуд беҳуш ҳолатда бўлган шахслар келиб тушганлиги ёки мурожаат этганлиги ҳақида хабар қилиши шарт”, – деб таъкидлади олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги манба.

Ҳуқуқбузарликлар фактлари ҳамда ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ бошқа ҳолатлар аниқланган тақдирда, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ёки таълим муассасалари ёхуд давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ёки соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан зудлик билан ҳудудий ички ишлар органи навбатчилик қисмига телефон орқали хабар қилиниши шарт.

Янгилик билан ўртоқлашиш: