Ўзбек моши экспорти 3 мартага ўсди

Дата: 17:33, 19-01-2017.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – 2016 йилда ўзбек моши экспорти 3 мартага ўсиб, 67 минг тоннага етди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компаниясига асосланган ҳолда.

Жумладан, “Ўзагроэкспорт” АЖ ҳамда Shri Niwas Dall And Besan Mill, Green Field Agro, Avika Foods ва Eco Green Import & Export компаниялари ўртасида тузилган тўғридан-тўғри шартномалар асосида Ҳиндистонга 2016 йил IV чорагидан бошлаб мош маҳсулоти экспорт қилинмоқда.

Маҳсулот асосан Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидан юкланмоқда.

2017 йил январ ойининг биринчи ўн кунлигида “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан Ҳиндистонга жами 300 тоннага яқин мош маҳсулоти экспортга юкланган бўлиб, ой охиригача яна 2 минг тонна мошни экспорт қилиш буюртмаси устида иш олиб борилмоқда.

Ҳиндистондаги ҳамкорлар таклифига кўра, жорий йилда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига синов тариқасида мошнинг янги навлари, хусусан, “Black Matpe” нави экилиб, экспорт қилиниши режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: