Ўзбек мутахассислари сайлов жараёнига боғлиқ корейс тажрибасини ўрганадилар

Дата: 17:11, 28-03-2016.

Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚМИ) мутахассислари Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (Корея Республикаси) томонидан Инчхон шаҳрида ташкил этилган “Сайловларни ташкил этишда имкониятларни янада мустаҳкамлаш” мавзусидаги ўқув курсларида таълим олишмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ФЖШМҚМИдан хабар қилишларича, курслар 21-29 март кунлари Инчхон шаҳрида ўтказилмоқда.

Ўқув курсларнинг дастурида номзодлар ҳамда сиёсий партиялар ўртасида сайловолди ташвиқотини ва дебатларни ўтказишнинг хусусиятларини ўрганиш, мазкур жараёнда сайлов органлари ҳамда кузатувчиларнинг роли, замонавий ахборот-коммуникацион технологияларни сайлов жараёнида қўллашнинг истиқболларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Мазкур ўқув курсларни ташкил этишдан асосий мақсад сайлов соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини янада ошириш, сайлов жараёнини ташкил этишнинг асосий жараёнларини ўрганиш, мазкур соҳада юзага келаётган муаммоларни ҳамда уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилиш ва ўзаро тажриба алмашишдан иборат.  

Эслатиб ўтамизки, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА) 2013 йил октябрь ойида халқаро ташкилот сифатида ташкил этилган бўлиб, унинг доимий қароргоҳи Инчхон шаҳрида жойлашган. Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА) таркибига 102та давлатларнинг сайлов органлари киради. Ўзбекистон ҳам мазкур ташкилотнинг аъзосидир.  

 Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (МСК) ҳамда Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: