Ўзбек оғир атлетикачи қизлари Афро-Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашмоқдалар
Тошкент. 6 сентябр. ЎзТАГ – Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон аёллар термаси Афро-Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашмоқда ва жамоа ҳисобида етакчилик қилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Оғир атлетика федерацияси маълумотларига кўра, биринчилик Иордания пойтахти Амман шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Унинг доирасида Ўзбекистон аёллар термаси аъзоси Марина Сисоева, 58 кг вазн тоифасида (даст кўтариш, силтаб кўтариш ва иккикураш баҳсларида) уч олтин медални қўлга киритди. Унинг натижаси даст кўтаришда 82 кг, силтаб кўтаришда 103 кг ва иккикурашда 185 кг.
Манзура Мамасолиева ҳам 69 кг вазн тоифасида 3 олтин медалга сазовор бўлди. Муаттар Набиева силтаб кўтаришда (53 кг) рақибаларини ортда қолдириб, Ўзбекистонга яна бир олтин медал олиб келди.
75 кг вазн тоифасида Омадой Отақўзиева ҳам олтин медал олди. У даст кўтаришда 80 кг, силтаб кўтаришда 103 кг ва иккикурашда 182 кг натижа кўрсатди.
Бундан ташқари, халқаро мусобақада илк марта қатнашган 16 ёшли Гулноза Ахматова кумуш медалга сазовор бўлди.
Мусобақалар давом этмоқда.