Ўзбек ҳокимияти террорчи Сайфулла Соиповнинг фуқаролигини тасдиқлади

Дата: 09:21, 02-11-2017.

Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбек ҳокимияти Нью-Йоркдаги террористик ҳаракатни қилишда гумон қилинаётган Сайфулла Соиповга доир расмий маълумотларни эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Соипов Сайфулла Хабибулаевич 1988 йил 8 февралда Тошкентда туғилган. 2005 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлаган, 2005-2009 йилларда Тошкент молия институтида таълим олган. ОТМни тамомлаганидан сўнг пойтахтдаги “Саёҳат” меҳмонхонасида ҳисобчи лавозимида ишлаган. АҚШга кетгунига қадар жиноий жавобгарликка тортилмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушмаган”, - деб таъкидланади Ўзбекистон ТИВ қарашли “Жаҳон” АА хабарида.

2010 йилда Соипов грин-карта виза лотереясини ютиб олади ва шу йилнинг ўзида АҚШга жўнаб кетади. Сўнгги бир неча йил давомида у АҚШда вақтинча яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл билан норасмий никоҳда бўлган. Ўтган вақт ичида Соипов бирор марта Ўзбекистонга келмаган ва ҳозирда ҳам Тошкентда яшаётган ота-онаси билан учрашмаган.

“АҚШда бўлиб турган вақтда Соипов Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида консуллик рўйхатида турмаган. Маҳалласидаги қўшнилари уни жуда ижобий тавсифлашди: уларнинг сўзларига кўра, у ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган, ҳар доим ўзини вазмин, бошқаларга нисбатан дўстона тутган. Рисоладаги оилада тарбияланган. Унинг ота-онаси анъанавий исломга эътиқод қилишган ва ҳеч қачон қандайдир экстремистик оқимлар билан алоқа қилишгани сезилмаган”, - дейилади хабарда.

Ўзбек томони маълумотларига кўра, Сайфулло Соипов АҚШга борганидан сўнг одамови бўлиб қолган, радикал гуруҳлар таъсирига тушган.

Эслатиб ўтамизки, 31 октябрда Нью-Йоркда теракт содир этилди. Уни содир этишда 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соипов гумон қилинмоқда. Натижада 8 киши қурбон бўлди, 11 жабрланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: