Ўзбек олимларининг тупроқли тўғонлар ҳақидаги китоби инглиз тилида чоп этилди

Дата: 15:47, 17-07-2015.

Тошкент. 17 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг фонди ўзбекистонлик муаллифларнинг инглиз тилидаги “Грунтли тўғонларнинг мустаҳкамлик ишончлилигини баҳолаш назарияси ва усуллари” (“Theory and Methods of Strength Assessment of Earth Dams”) янги китоби билан бойиди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кутубхонадан хабар беришларича, 330 бет ҳажмли мазкур китоб Lap Lambert Academik Pablishing нашриёти томонидан 2015 йилда инглиз тилида чоп этилган. Китоб муаллифлари Тошкент ирригация ва мелиорация институти назарий ва қурилиш механикаси кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор М.М.Мирсаидов ва техника фанлари номзоди, доцент Т.З.Султоновлардир.

Китоб грунтли иншоотларнинг ҳавфсизлигини ва ишончлилигини таъминлаш муаммосига бағишланган.

Муаллифлар илмий тадқиқ этилган назария ва грунтли иншоотларнинг мустаҳкамлик ишончлилигини баҳолаш назарияси ва усулларини келтириб, уларнинг асосий параметрларидан келиб чиқиб мустаҳкамлигини баҳолаш учун ҳисоблаш усулини таклиф этадилар ва мавжуд мустаҳкамлигини баҳолаш моделларини шарҳлайдилар.

Шуниндек, китобда бундай кўламдаги иншоотлар қурилишида ҳисоблаш услублари ва уларнинг назарий асослари берилган. Ишлаб чиқилган услублар грунтли иншоотларнинг ҳолатини ва мустахкамлик даражасини баҳолаш ва улардаги хавфли қисмларни аниқлашга ёрдам беради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: