Ўзбек палови Парижда бўлиб ўтган халқаро ошпазлик фестивалида тақдим этилди
Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ – 23-24 сентябрда Парижда Le Village International de la Gastronomie халқаро ошпазлик фестивали бўлиб ўтди, деб хабар беради “Ўзбектуризм” МК матбуот хизмати.
Хабар берилишича, тадбирнинг 40 иштирокчи мамлакатлари вакиллари Сена дарёси қирғоғида ошпазлар қишлоғини ташкил этдилар.
“Фестивалда нафақат парижликлар, балки бу ерга ташриф буюрган сайёҳлар ҳам ҳар бир мамлакатнинг миллий ошхонаси ва урф-одатлари орқали ўзига хос жиҳатларини кашф этиш имконини берди. Бу Парижда мэрия томонидан ташкил этилган шу кўламдаги илк тадбирдир”, - дейилади хабарда.
Тадбирда Ўзбекистон номидан республиканинг Париждаги элчихонаси иштирок этди.
“Фестивал меҳмонлари ўзбек палови, миллий ширинликлари, сомса ва пишириқларни татиб кўришди, Ўзбекистон билан боғлиқ сувенирлар ва мамлакат ҳақида батафсил маълумотлар билан танишишди”, - дейилади хабарда.