Ўзбек паралимпиачилари пул мукофотлари ва машиналар оладилар
Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги фармойишни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) тегишли хужжатга асосланган ҳолда.
“Олтин медаллар соҳиблари $200 минг, кумуш соҳиблари $100 минг, бронза эгалари $75 минг пул мукофоти оладилар”, - деб таъкидланади хужжатда.
Пул мукофотларини тўлаш Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан хорижий валютада – АҚШ долларида солиқ ундирилмасдан амалга оширилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон паралимпиачилари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Олимпиячиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан сотиб олинган “Малибу” маркали енгил автомобиллари билан ҳам тақдирланадилар. Айни пайтда, топширилган енгил автомобиллар қиймати миқдоридаги даромадлардан жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқлар ундирилмайди.
Эслатиб ўтамизки, Паралимпия якунлари бўйича Ўзбекистон термаси 31 медаль: 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза совринларни қўлга киритган эди.
$1 = 3005,11 сўм


