Ўзбек паралимпиячилари Литвадаги халқаро турнирда 8 медални қўлга киритдилар

Дата: 16:09, 17-06-2014.

Тошкент. 17 июн. ЎзТАГ – Вильнюс шаҳрида паралимпиячилар ўртасида дзюдо бўйича халқаро турнир якунланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон терма жамоаси 5 олтин, 2 кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни олди. Олтин медал совриндоорлари орасида Шерзод Намозов (60 кг), Ўткир Нигматов (66 кг), Феруз Саидов (73 кг), Шуҳрат Бобоев (90 кг), Одил Тулендибоев (100 кгдан ошиқ) кабилар бор. Лондон олимпиадасининг кумуш медал соҳиби Шариф Халилов (81 кггача) ва Юлдуз Эркаева (70 кггача) иккинчи ўринни олдилар. Шунингдек, Гулруҳ Раҳимова (70 кггача) терма жамоага бронза медали келтирди”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон Дзюдо федерацияси матбуот хизматида.
Энди дзюдочиларимиз 1-7 сентябрь кунлари АҚШда ўтказиладиган Жаҳон чемпионати ва Инчеонда бўлиб ўтадиган ПараОсиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: