Ўзбек парламентида демократик кучлар блоки ташкил этилди

Дата: 09:41, 16-03-2015.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ - Ўзбек парламентида демократик кучлар блоки ташкил этилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“14 мартда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда парламентнинг қуйи палатасида янги “Демократик кучлар блоки”ни тузиш масаласи муҳокама қилинди”, - дейилади парламент қуйи палатаси ахборот хизмати хабарида.

“Иқтисодий, сиёсий, гуманитар ва суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга доир энг муҳим масалалар юзасидан ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” ДП нуқтаи назарлари ҳамда дастурий мақсадларининг яқинлигини эътиборга олган ҳолда, шунингдек мамлакатни модернизация қилиш ва жамиятни демократик янгилаш вазифаларини самарали рўёбга чиқаришда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида қўшма мажлис иштирокчилари ушбу икки партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияларидан таркиб топган, Қонунчилик палатасида парламентдаги кўпчиликни ташкил этувчи “Демократик кучлар блоки”ни тузиш тўғрисида қарор қабул қилдилар”, - дейилади юқоридаги хабарда.

Айни пайтда блокни ташкил этишга ҳуқуқий асос бўлиб “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 2-моддаси хизмат қилди. Мазкур моддада бир нечта сиёсий партиялар фракциялари ўз дастурий мақсад-вазифаларининг яқинлигидан ёки ўхшашлигидан келиб чиққан ҳолда парламент кўпчилигини тузиши мумкинлиги назарда тутилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: