Ўзбек парламентида “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири муҳокама қилинди

Дата: 20:14, 14-04-2014.

Тошкент. 14 апрель. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан электрон тижоратнинг ривожланиши масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) парламент матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Тадбирда депутатлар ва тармоқ мутахассислари янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Давра суҳбатида қайд этилишича, Ўзбекистонда электрон тижоратни ҳуқуқий тартибга соладиган тегишли меъёрий-ҳуқуқий база ишлаб чиқилган. Буларга “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Электрон тўловлар тўғрисида”, “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”, “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунлар, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг кўплаб қарорлари киради.
Ҳозирги эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг март ойида янги таҳрирда ишлаб чиқилган “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Йиғилишда ушбу хужжат муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида жисмоний шахслар – электрон тижорат субъектлари учун электрон ҳужжатда электрон рақамли имзо бўлиши шартлиги тўғрисидаги амалдаги талабни бекор қилиш, бир марталик идентификатор имзо ёки бошқа шаклдаги имзодан фойдаланиш кўзда тутилган. Шунингдек, ҳисоб-фактура ва бошқа зарур ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштириш мумкинлиги тўғрисидаги норма ҳам жорий этилмоқда. Бу электрон битимларни расмийлаштиришни осонлаштириш ва акцептни банк карталари бўйича тўлов механизмлари билан интернет орқали биргаликда амалга ошириш имконини беради.
Яна бир янгилик – электрон тижорат субъектларига электрон битимларни амалга оширишни таъминлашга доир хизматлар кўрсатадиган ахборот воситачилари таркиби кенгайиши мумкин. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва электрон тижорат иштирокчиларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир қатнашчилари қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: