Ўзбек педагоглари Францияда стажировкадан ўтдилар
Тошкент. 9 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик беш француз тили ўқитувчилари Францияда икки ҳафталик педагогик стажировкадан ўтдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, Хоразм вилоятининг Шовот тумани 5-мактаб ўқитувчиси Жамол Бобожонов ва Боғот туманининг 8-мактабининг француз тили ўқитувчиси Хамза Бобожоновлар Атлантика қиғоғидаги Руайан шаҳрида жойлашган “CAREL” марказида таҳсил олдилар.
Тошкентдаги 51-мактаб ва Самарқанд давлат чет тиллар институтининг педагоглари Шоҳиста Худоёрова ва Дилбар Насимовалар Овернь ҳудудидаги Виши шаҳридаги “CAVILAM” марказида интенсив курсларда ўқидилар.
Бухоро давлат университетининг ўқитувчиси Малоҳат Жўраева Тур шаҳридаги Турен институтида малакасини оширди.
Франциядаги стажировкалар доирасида ўқитувчилар амалий машғулотларда қатнашдилар, маърузалар тингладилар ва ўзлари борган ҳудудларда бўлдилар. Мезбон оилада яшаш уларнинг ҳар бирига фрацуз оилаларининг турмуш тарзи билан танишишга имкон берди.
Барча беш педагоглар 2015 йилда Франкофония доирасида эълон қилинган танловларнинг лауреатларидирлар.