Ўзбек пианиночиси япон мухлисларини мафтун қилди

Дата: 13:52, 24-06-2014.

Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – “Ниҳол-2008” мукофоти лауреати Бехзод Абдураимов Токиодаги NHK телерадиокорпорациясининг “Саитама” концерт залидаги чиқишлари билан япониялик мусиқа ишқибозларини мафтун қилди, деб хабар беради “Жахон” агентлиги (http://www.jahonnews.uz/).
Саитама префектураси мусиқа марказида ёш мусиқачи ўзининг яккахон концерт дастурида Бетховен, Шопен, Сен-Санс, Равель асарларини ижро этди ва улар япон мухлислари томонидан юқори баҳолланди.
Япониянинг таниқли NHK Hall концерт залида ўзбекистонлик ёш мусиқачи дирижер В.Ашкенази етакчилигида NHK симфоник оркестри билан биргаликда Р.Страусс, С.Рахманинов, Шуберт ва бошқаларнинг классик мусиқа асарларини ҳам ижро қилди. Ўзбек мусиқачисининг репертуари япон мусиқа ихлосмандларининг олқишига сазовор бўлди ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
NHK продюсерлик компанияси вакили Т.Курита ўзбек мусиқачисининг чиқиши жорий йилда NHK мусиқа дастурларидаги энг яхши чиқишлардан бири бўлганлигини қайд этди. “Бу Ўзбекистондаги санъат ривожининг даражасидан далолат беради”, - деб қайд этди у.
Эслатиб ўтамизки, Бехзод Абдураимов – Успенский номидаги академик мусиқа лицейи тарбияланувчиси бўлиб, турли нуфузли халқаро танловлар ғолиби ва совриндоридир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: