Ўзбек президенти ва турк бош вазири икки мамлакат тадбиркорлари билан учрашдилар
Тошкент. 27 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Бош вазири Бинали Йилдирим иштирокида икки мамлакат молия ва ишбилармон доиралари учрашдилар, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Учрашувда олий даражадаги мулоқотлар самарасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имзоланган ҳужжатлар улкан аҳамиятга эга экани қайд этилди. Шунингдек, 26 октябр куни Истанбулда ўтказилган икки мамлакат ишбилармон доиралари бизнес-форумида йирик энергетика объектлари ва йўл инфратузилмаларини қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва агросаноат тармоғида замонавий саноат ва логистика марказлари ташкил этиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзолангани таъкидланди”, - дейилади хабарда.
Шундан кейин таъкидланишича, президентимиз ишбилармонларнинг Ўзбекистонда бизнес юритиш борасидаги фикрлари билан қизиқди.
Ўз навбатида, туркиялик ишбилармонлар Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳоладилар. Валюта бозори эркинлаштирилгани, виза олиш тартиби соддалаштирилгани ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулайликлар яратгани таъкидладилар.
Шунингдек, мулоқотда Ўзбекистон ва Туркиянинг молия ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.